ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ТУМАН ВА ШАҲАРЛАРИДА ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИНИНГ КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ ТУФАЙЛИ ВУЖУДГА КЕЛГАН ЭПИДЕМИОЛОГИК ВАЗИЯТНИ ЯХШИЛАШ БОРАСИДАГИ ФАОЛИЯТИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси туфайли вужудга келган эпидемиологик вазият” юзасидан ўтказилган селектор йиғилишида Президентимиз ҳар бир беморга эътиборни кучайтириш, уларни даволаш сифатини яхшилаш ва айниқса, оғир беморлар билан махсус шуғулланишга катта эътибор қаратиш, шунингдек аҳолида тушаётган мурожаатларга ўз вақтида малакали жавоб бериш ҳамда беморлар учун янги даволаш ўринларини кўпайтириш топшириғи берилди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти туман ва шаҳарлари Тошкент тиббиёт академиясининг кафедраларига бириктирилди ва ходимлар 2020 йилнинг 17 июлидан ТТА ректори Л.Н.Туйчиев бошчилигида жойларга сафарбар этилди Чирчиқ шаҳрига – Атроф муҳит гигиенаси кафедраси (Саломова Ф.И.). Кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари бириктирилган туманларга бориб туман тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари билан биргаликда ишчи гуруҳ аъзоси сифатида туман юқумли касалликлар шифохонасини, шунингдек ажратилган биноларни COVID-19 га гумон қилинган ва COVID-19 енгил формаси билан касалланган беморларни даволовчи провизор шифохонасига айлантирилишини, ташкиллаштирилган Call марказлари ишини ҳамда уйда даволанаётган беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини назорат қилиш ва амалий ёрдам бериш борасида ишларни амалга оширишмоқда.
Маълумот. 26 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 20 391 (+165) нафарни ташкил этмоқда.
🔴Янги касалланиш ҳолатларининг 126 нафари Тошкент шаҳрида, 25 нафари Сурхондарё вилоятида ҳамда 14 нафари Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
❗️Эътиборли жиҳати, бугун айни пайтга қадар Тошкент вилоятида 67 нафари, Сурхондарё вилоятида 44 нафар, Андижон вилоятида 38 нафар, Тошкент шаҳрида 13 нафар ҳамда Фарғона вилоятида 11 нафар, жами 173 нафар бемор тузалди.
❗️Шундай қилиб юртимизда 11 004 (+173) нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (54 фоиз) соғайган.
‼️Ҳозирда мамлакатимизда 9 273 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Охирги кунларда ҳар куни мамлакатимизда 500 ортиқ ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланмоқда. Нега бундай ҳолат кузатилмоқда. Карантин чораларини юмшатилишини кўпчилик нотўғри талқин қилиб худди касаллик батамом бартараф этилгандек тута бошлашди. Яъни ниқобни кўпчилик тўғри тақмади, худа-бехудага кўчада юрди, ижтимоий масофага риоя этишмади ва қўл бериб, қучоқлашиб кўришишди. Тўйларга кўп одамларни чақиришди. Бунинг натижасида касаллик кўпайиб кетди. Кўпчилик иммунитети кучли инсонларда COVID-19 аломатлари кам намоён бўлиши мумкин. Улар ўзларини яхши ҳис қилишади ҳамда ўзларини бемор деб ҳисоблашмайди.
Коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш мақсадида ҳозирги кунда ҳам кўчаларда, бозорлар, супермаркетлар атрофида, аҳоли яшаш жойларида корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда жорий ва якуний дезинфекция ишлари ўтказилмоқда. Бундан ташқари, шанба ва якшанба кунлари бозорлар дезинфекция ишлари ўтказиш учун ёпилмоқда.
ЎзР махсус комиссиясининг охирги қарорига кўра коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни карантинда сақлашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби жорий этилди: коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахслар уй шароитида карантинда сақланади; карантинда сақлаш муддати 14 кундан 10 кунга қисқартирилади ҳамда 10 кун муддатда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест натижалари манфий бўлган тақдирда карантиндан чиқарилади; тест натижалари мусбат бўлган тақдирда, беморда коронавирус инфекциясининг клиник белгилари кузатилса, шифохонага жойлаштирилади, касаллик аломатларсиз ўтаётган бўлса, уй шароитида даволанишга ўтказилади (уй шароитида даволашнинг имкони бўлмаса, белгиланган тартибда тиббиёт муассасасида даволашга ўтказилади). Касаллик тасдиқланган, касалликнинг аломатсиз ёки енгил шакли бўлганлиги учун уйда даволаниши режалаштирилган беморларга поликлиника томонидан мобил бригада юборилади. Мобил бригада (УАШ, инфекционист ва эпидемиолог) беморга назорат режасини тузади, тегишли дориларни беради, оила аъзоларига кун тартиби ва санитар гигиеник талабларни тушунтиради. COVID-19 га чалинган беморлар бирламчи бўғим, яъни амбулатор-поликлиника муассасалари томонидан назоратга олинади ва зарур дорилар билан таъминланади. Поликлиника шифокори беморнинг ҳолатига кўра 1 кунда 1 марта ёки 2 кунда 1 марта кўрикни амалга оширади. Бошқа пайт УАШ ҳар куни 2-3 марта телефон орқали боғланади. Агар беморда нафас тезлиги дақиқасига 30 марта ва ундан кўп бўлса, енгил ҳаракатларда ҳансираш пайдо бўлса, ҳолсизлик кучайса, тана ҳарорати 3-5 кун кўтарилиб турса ва қайталаса, йўтал пайдо бўлса ва кучайса, тезда поликлиника шифокорига хабар бериш зарур. Бунда белгиланган тартибда махсус бригада чақиртирилиб — бемор стационар даволанишга юборилади. ТТА маъсул ходимлари жойларда ушбу йўналишдаги ишларнинг тўғри ташкил этилиши ва беморларга ўз вақтида малакали ёрдам кўрсатиш бўйича маслаҳатлар беришмоқда.
Шунингдек ҳозирги кунда Тошкент вилояти туман ва шаҳарлари тиббиёт бирлашмалари Call марказларида Тошкент тиббиёт академиясининг бириктирилган кафедраларининг профессор-ўқитувчилари марказларга аҳолидан тушаётган иситма бўйича, дори-дармон бўйича, тез ёрдам бригадаларига доир, мобил гуруҳлар фаолиятига доир мурожаатларига жавоблар билан бир қаторда мутахассис сифатида маслаҳатлар ҳам беришмоқда.
Коронавирус инфекцияси туфайли вужудга келган эпидемиологик вазиятни яхшилаш борасида фаолият кўрсатаётган барча шифокорларга, жумладан ТТАнинг профессор-ўқитувчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
ТТА атроф муҳит гигиенаси кафедраси мудири Саломова Ф.И.