Кафедра тарихи

АТРОФ МУҲИТ ГИГИЕНАСИ КАФЕДРАСИ ТАРИХИ

 

Умумий ва радиацион гигиена кафедраси 1920 йилда Туркистон Давлат Университети қошида тиббиёт факультети таркибида ташкил этилган. Кафедранинг асосчиси профессор Г.Н. Пинегин бўлиб, 1920 йилдан 1927 йилгача кафедрага раҳбарлик қилган.

1928- 19291й. ва 1936-1937 йй.. Кафедра мудири булиб проф. Алексей Васильевич  Георгиевский ишлаган.

1928 йилдан 1936 йилгача кафедрага аввал доцент, сўнгра профессор С.Д. Баутин раҳбарлик қилган. Кафедрага 1937 йилдан 1941 йилгача эса кафедрага проф. Петрова М.А. раҳбарлик қилган. Бу даврда умумий гигиенанинг таркибий қисмлари сифатида кўпгина профил гигиеник кафедралар шакллана бошланган.

Улуғ Ватан уруши йилларида кафедра проф. Моисеев С.В. томонидан бошқарилган; бу даврда кафедрада доц. Магницкий М. В. ҳам фаолият юритган.

1944 йилдан 1966 йилгача кафедрани университет тиббиёт факультетининг биринчи битирувчиларидан бўлган проф. Бабаджанов С.Н. бошқарган. Улар иштирокида кафедра таркибига 1963 йили махсус – радиацион гигиена бўлими киритилган, шундан сўнг кафедра “Умумий ва радиацион гигиена” номини олган.

1967  йилдан 1977 йилгача кафедрага собиқ иттифоқ МФА мухбир аъзоси, т.ф.д., проф.  А.З.Захидов раҳбарлик қилган.

1978 йилдан 1990 йилгача кафедра проф. Н.С.Таджибаева томонидан бошқарилган.

1990 йилнинг сентябридан ТошДавТИ иккита институтга бўлингач, 2-ТошДавТИнинг умумий ва радиацион гигиена кафедрасига аввал доцент, сўнгра профессор лавозимида ишлаган Л.А.Пономарева мудирлик қилган.

2012 йилдан кафедрага т.ф.д. Саломова Ф.И. раҳбарлик қилиб келмоқда.

Гигиена фани жуда узоқ ва серқиррали ривожланиш йўлини босиб ўтган. Қадимги ва ўрта асрларда гигиена шахсий гигиенага доир айрим элементлар ҳақидаги қоидаларга эга бўлган бўлиб, у асосан турмуш тажрибаларига асосланган ҳолда юзага келган, ижтимоий йўналишга эга бўлган бирон-бир гигиеник тадбирлар умуман бўлган эмас. Гигиеник билимларга доир барча элементлар фақатгина шахсий гигиенагагина таалуқли бўлган бўлиб, бадан тозалиги, турар-жойларнинг орасталигига оид коида кодексларига амал килиш, овқатланиш тартибига риоя қилиш ва баданни чиниқтирувчи муолажаларни бажариш кабиларга қаратилган.

Феодализмнинг ривожланиш даврида Европада  барча фанларнинг инқирозга юз тутганлигини гувоҳи бўламиз. Ўрта асрлардаги диний ақидалар гигиенага доир қоидалар ва кўникмалардан воз кечишга олиб келган, натижада Европа бўйлаб ўлат, вабо, мохов, сифилис каби даҳшатли касалликлар хукмрон бўлган.

Бу даврда гигиенанинг гуркираб ривожланишига Шарқдаги халқлар ўртасида фаолият кўрсатган олимлар, табиблар ва арбоблар ўз хиссаларини қўшганлар. Гигиена фанининг ривожланишига Х-ХI асрларда яшаб ижод этган йирик мутафаккир олим Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” рисоласида турар-жой гигиенаси, кийим-бош гигиенаси, овқатланиш гигиенаси, болаларни гигиеник тарбиялаш масалаларига катта эътибор қаратган бўлиб, бу билимлар хозирги кунда ҳам ўз мавқеини йуқотган эмас.

Феодализм даврининг охирларига келиб яъни мануфактура даврида корхоналарнинг ривожланиши кузатилди, натижада ишлаб чиқариш муҳитига доир муаммолар вужудга келиб, бундай шароитда меҳнат қиладиганлар организмига номувофиқ омиллар таъсирида юзага келиши мумкин бўлган касб касалликларига эътиборни қаратмаслик мумкин эмаслигини исботлади. Бундай ҳолат саноат гигиенасининг ривожланишига туртки бўлган. Шундай қилиб, ишчи жамоаларининг пайдо бўлиши билан бир қаторда давлатларни мудофааси учун хизмат кўрсатадиган доимий армияларнинг фаолияти доирасидаги гигиеник тадбирларнинг ишлаб чиқилиши зарурияти туғилган, натижада гигиена фани жамоат характерига эга бўлган фан қаторида ўрин эгаллай бошлаган.

Россияда бу даврда турли тоифадаги аҳолининг яшаш ва меҳнат қилиш шароитларини баҳолашда санитар тавсифий усул кенг қўлланила  бошлаган. Аҳолининг жисмоний ривожланишини таърифловчи, касалланиш  ҳолати ва демографик кўрсаткичларни таърифлаш бўйича батафсил кузатишлар олиб борилган. Олиб борилган кузатишлар энди мамлакатда туб ижтимоий ўзгаришларни амалга ошириш лозимлигини кўрсатган. Бундан ташқари атроф муҳитнинг ҳолатини текшириш ишлари асосан сув, ҳаво, тупроқ, турар-жой бинолари, меҳнат шароитларини санитар баҳолаш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқиш мақсадида ва турлича табиатга эга бўладиган омиллар мажмуасининг зарарли таъсирларини бартараф қилиш учун зарурий тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлигини исботлади. Бу вақтда гигиеник меъёрлаштириш масалалар  ҳали йўлга қўйилмаган эди. Россияда гигиенанинг махсус фан сифатида шаклланиши ва мутахассисларни ўқитиш учун предмет бўлиб қолишида М.Я.Мудров, А.П. Доброславин, Ф.Ф.Эрисманларнинг хизматлари алоҳида ўрин эгаллайди. Шу билан бирга ХVIII ва ХIХ асрлардаги клиницист-врачлар ҳам гигиена фанига алоҳида эътибор қаратганлар.

Н.И.Пироговнинг айтган сўзларига эътибор берайлик: ” Мен гигиенага ишонаман. Келажакдаги тиббиёт профилактик ёки огоҳлантирувчи тиббиётга таалуқли бўлиб қолади”. Ўша даврдаги рус врачлари жамиятининг раиси С.П.Боткиннинг фикрига кўра “Соғломлаштиришга оид чуқур ғоя кундан кунга эътиборли бўлиб бормоқда, соғломлаштириш ҳақидаги фикр шахарларимизнинг канализацияси, чиқиндиларни ассенизациялаш- зарарли касалликларнинг тарқалишида марказ эканлиги кундан кунга аниқланшиб бормоқда”.

Машхурлиги билан танилган терапевт Г.А.Захарьин 1873 йилда ўзининг Москва Университетида сўзлаган кириш нутқида шундай деган эди:

“Омманинг хасталиклари билан ғолибона кураша олувчи фан фақат гигиена бўлиши мумкин. Шунинг учун касаллик ва уни даволаш усулларини билгандан кўра гигиеник билимлардан воқиф бўлиш ҳамма учун зарурдир”.

Гигиена соҳасида мунтазам равишда илмий текширишларни олиб бориш Россия университетлари қошидаги тиббиёт факультетларидаги гигиена кафедраларининг очилиши билан боғланиб кетади.

Биринчи гигиена кафедраси  А.П.Доброславин томонидан Петербургдаги Ҳарбий тиббий жарроҳлик академиясида (1871й) очилган эди. А.П.Доброславин Россияда биринчи бўлиб гигиенани фан сифатида рўёбга чиқариб, илмий тажрибаларга таянган ҳолда намоён қилди. А.П.Доброславиннинг жуда кўп илмий ишлари коммунал гигиена  масалаларига қаратилган эди. Унинг қаламига “Гигиена” номли 2 томли қўлёзма мансубдир.

1882 йилда гигиена кафедраси  Москва Университетида ҳам ташкил этилган. Унинг ташкилотчиси Ф.Ф.Эрисман бўлиб, унинг ҳамма меҳнат фаолияти юқори даражадаги гигиеник текширишларга бағишланган бўлиб, шу билан бир қаторда амалий санитария соҳасида тиббий-жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этган. У Москвада биринчи шаҳар санитария станциясини ташкил этган ва бу станцияда лаборатория текширишларини кенг кўламда йўлга қўйган олим ҳисобланади. Ф.Ф.Эрисман коммунал гигиена, меҳнат гигиенаси, болалар ва ўсмирлар гигиенаси соҳасида малакали фаолият кўрсатган.

1885 йилга келиб Россияда бир нечта гигиена кафедралари фаолият кўрсатган бўлиб, уларга А.П.Доброславин, Ф.Ф.Эрисман, А.Н.Якобий (Козон),  И.П.Скворцов (Харьков) ларни киритиш мумкин. В.Левенталь (1887, Париж) нинг фикрига кўра Европадаги давлатлар ичида фақатгина Россияда гигиена фани  ўзининг илмийлиги билан бошқа давлатларникидан ажралиб туради. Россиядаги гигиена кўп маънода ижтимоий гигиена йўналишида эканлиги билан фарқланган.

Собиқ СССР вақтида гигиенанинг ривожига ўзларининг улкан хиссаларини  қўшганлар қаторига жуда кўп гигиеник текшириш усулларини ишлаб чиққан, коммунал гигиена, овқатланиш гигиенаси, мактаб гигиенаси масалаларига эътибор каратган олим Г.В.Хлопин ҳисобланади. Ундан ташқари СССР соғлиқни сақлаш тизимини бошлаб берган ташкилотчилар Н.А.Семашко, З.П.Соловьев; коммунал гигиена соҳасида таниқли бўлган олимлар А.Н.Сысин, З.Г.Френкель, А.Н.Марзеев, В.А.Рязанов; меҳнат гигиенасининг ривожланишига хисса қўшганлардан С.И.Каплун, В.А.Левицкий, А.А.Летавет, В.А.Вигдорчик, Э.М.Каган, В.К.Навроцкий; овқатланиш гигиенаси соҳасида М.Н.Шатерникова, И.П.Разенкова, О.П.Молчанова, А.П.Палладин, К.С.Петровский, А.А.Покровский фаолият кўрсатганлар. 1922 йилда Иттифоқ миқёсида санитария хизмати ташкил этилган бўлиб, огоҳлантирувчи ва жорий санитария назоратини амалга оширган. Санитария органларининг фаолиятлари ўзининг қонуний асосларига эга бўлиб, “СССР ва Иттифоқдош Республикалар соғлиқни сақлаш тизими ҳақидаги қонунларининг асослари” хужжатида ўз аксини топган, ҳамда тегишли органлар томонидан “Санитария қоидалар  ва меъёрлари”,  Давлат Стандартлари ва тегишли инструкциялар тасдиқланган.

Бизнинг мустақил Республикамизда гигиена фанининг тараққиёти Тошкент Давлат Тиббиет институти таркибида ташкил топган гигиена кафедраларининг фаолиятлари билан чамбарчас боғланиб кетгандир.

Ўзбекистондаги тиббий институтларининг барча гигиеник кафедраларини асоси бўлиб, 1920 йилда ташкил топган Ўрта Осие Давлат Университети қошида ташкил этилган умумий гигиена ёки илгариги номи “Экспериментал гигиена” кафедраси ҳисобланади.

Ўша даврдаги биринчи кафедра мудири доктор Пинегин Григорий Николаевич бўлган. Г.Н. Пинегин санитарияга доир масалаларнинг амалий қўлланишини чет давлатлардан ўрганиб қайтганлиги сабабли, у шу усуллар ва тажрибаларни бизнинг институтимизда ҳам қўллаган ( Пинегин Е.Н. 1906-1910 йилларда АҚШда, 1910-1912 йилларда Англияда бўлган). У чет давлатлардаги аҳолига сув тарқатиш тармоқлари, чиқинди сувларни тозалаш, қаттиқ чиқиндиларни ёқиш каби усулларни ўзимизда тадбиқ қилинишига сабабчи бўлган олимдир. Лондон Университетида врачларга ўқиладиган маърузалар курсини тўлиқ тинглаган. Кафедрада ва амалиётда санитар-техник текшириш усулларининг  кенг кўламда жорий қилиниши ўша чет давлатлардаги ўрганилган усулларни ўзимизда қўлланиши билан боғлиқдир. Бу даврда Г.Н.Пинегиннинг раҳбарлигида Тихомиров Максимилиан Петрович (Туркистон Ҳарбий округининг харбий-санитар инспектори), Робинзон Владимир Николаевич (фрамация магистри) ва Пинегина Августа Яковлевналар ҳам фаолият кўрсатганлар.

Пинегин Г.Н. дан сўнг кафедранинг раҳбарлиги Баутин Семен Дмитриевич (1930) га топширилган бўлиб, у Саратов университетида фаолият кўрсатар эди. С.Д.Баутин кафедранинг илмий ишларига ижтимоий-гигиеник йўналишини киритган, жумладан у Республикамиздаги айрим қишлоқ ва вилоятлар аҳоли яшаш жойларига илмий экспедициялар уюштирган ва Самарқанд вилояти худудида бўлган Зирабулоқ станцияси атрофидаги аҳолининг яшаш ва турмуш шароитларини ўрганиб, олинган натижалар асосида 24 та илмий мақолалар чоп эттирган. Шу даврнинг ўзида кафедрада А.В.Георгиевский деган олим ҳам фаолият кўрсатган, кейинчалик у профессорлик лавозимига кўтарилиб ТошДавТИ-нинг эпидемиология кафедрасига раҳбарлик қилган.

1927 йилдан бошлаб кафедрага проф. Петрова Мария Анатольевна раҳбарлик қилган; бу даврда унинг раҳбарлигида кафедранинг илмий ишларига доир фаолияти анча жадаллаштирилган, жумладан ижтимоий соҳасидаги илмий ишлар авж олдирилган. Бу даврда шу йўналиш гигиенанинг ижтимоий гигиена фани билан мужассамлаштирилганлигидан далолат беради.

Улуғ Ватан уруши йилларида кўпгина марказий шаҳарлардаги илмий текшириш ва ўқитиш институтларидаги олимларни мамлакат ичкарисига, хусусан Ўрта Осиё давлатларига эвакуация қилинганлиги сабабли, ТошДавТИ умумий гигиена кафедрасига мудирлик қилишни Ленинграддан келган проф. Моисеев Соломон Владимирович зиммасига юклатилган. У 1941-1944 йиллар давомидаги раҳбарлиги давомида кафедрадаги илмий йўналиш яна санитар-техник кўринишга қаратилганлиги билан фарқланади. 1944 йилда проф. С.В. Моисеев Тошкентдан жўнаб кетгандан сўнг, кафедрага мудирлик лавозими т.ф.н., доц. Бобожонов С.Н. зиммасига юклатилган. С.Н.Бобожонов кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилган ва профессорлик унвонига эришган. Проф.С.Н.Бобожонов кафедрага 20 йилдан ортиқ мудирлик қилган ва кейинги йилларда коммунал гигиена кафедрасига мудирлик қилишга ўтказилган.

1967-1977 йиллар давомида умумий гигиена кафедрасига мудирлик қилиш ЎзССР ва ҚҚАССР да хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, СССР Фанлари Академиясининг мухбир аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, проф. А.З.Зохидов зиммасига юклатилган. У 1945-1949 йиллар давомида шу кафедрада доцентлик лавозимида фаолият кўрсатган эди. А.З.Зохидовнинг кафедрага раҳбарлик қилган йиллари кафедранинг илмий ишларидаги фаолияти энг самарали бўлганлигини айтиш лозим. Олим томонидан атроф муҳитнинг тиббиётга оид томонлари бўйича илмий текшириш ишларининг махсус мактаби шакллантирилган эди. Бу йўналиш гигиена соҳасидаги энг замонавий ва долзарб йўналишлардан биридир.

1977 йилдан бошлаб кафедрага мудирлик қилиш проф. Н.С.Тожибоевага топширилган. 1990 йилда ТошДавТИ икки таркибий қисмга бўлингандан сўнг Иккинчи Тошкент Давлат тиббиёт институти қошидаги умумий ва радиацион гигиена кафедрасига мудирлик қилиш проф.Л.А.Пономаревага юклатилган. 2012 йилдан хозирга давргача кафедрага тиббиёт фанлари доктори, доцент Ф.И.Саломова мудирлик қилмоқда.

 

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелидаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида олий таълим тизимини келгусида янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича энг муҳим вазифалар этиб: ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш, олий таълим муассасалари ва қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказлари ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни кенг жалб қилиш ва бошқа вазифалар белгиланган.

Тошкент тиббиёт академияси ва  Корея Университети ўртасида 2016-2020 йилларга мўлжалланган “Экология ва инсон саломатлиги” халқаро илмий гранти ҳамда шу грант доирасида МЕМОРАНДУМ имзоланиши академияда ушбу вазифаларни бажаришда амалга оширилаётган ишларнинг бири сифатида эътироф этиш мумкин.

МЕМОРАНДУМ асосида Корея Республикаси олий ва ўрта таълим вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент тиббиёт академияси ректорининг 2017 йил 23 майидаги 310 сонли буйруғи билан “Умумий ва радиацон гигиена” кафедраси номи  “Атроф муҳит гигиенаси”  ўзгартирилди, ҳамда 2017-2018 ўқув йилидан “Атроф муҳит ва инсон саломатлиги” магистратура йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлаш бошланди.

Экологик ва атроф муҳит омилларининг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш бўйича олий малакали мутахассисларни тайёрлаш, ҳамда инсон организмига таъсир этувчи атроф муҳит омилларини ўрганиш, уларнинг зарарли таъсирини камайтириш ва касалликлар профилактикаси йўналишларидаги илмий ишлар атроф муҳит гигиенаси кафедраси, ҳамда гигиеник йўналишдаги кафедралар ҳамда Корея Университетининг профилактик тиббиёт факультети кафедралари билан ҳамкорликда олиб борилади.

Хозирги кунда кафедрани номи “Атроф муҳит гигиенаси”. Кафедра ходимлари: т.ф.д. Саломова Ф.И., доцентлар  т.ф.н., Абдукодирова Л.К.,  Садуллаева Х.А., т.ф.д.  Ахмадалиева Н.О.,  катта ўқитувчи  Шарипова С.А., ассистентлар Тошматова Г.А., Мирсагатова М.Р. Хакимова Д.С., Нигматуллаева Д.Ж.,  Турғунов С.Т.